Ш. Т. Кубаева Ассистент,
Самарканд давлат чет тиллар,
Самарканд, Узбекистон
Ҳозирги замон ишлаб чиқариш ва ижтимоий фаолият тизимларида янги ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқариш зарурияти шароитида инновация ва инновацион тафаккур асосий фаолият турига айланиб бориши бежизга эмас. Чунки инновациялар объектив реалликни ва инсоннинг ўзини ҳам ўзгартирувчи инструментарий сифатида жамият ва унинг барча соҳалари ривожланишининг келажагини белгилаб беради. Инновациялар инновацион тафаккурга эга бўлган индивидлар томонидан кучайтирилади. Шу инновацион ғояларга назарий ва технологик манбалардан бири бўлиб ўйин назарияси ва концептуал моделлар хизмат қилади.
Шундай экан, маънода ўйин концепцияси ва назарияларининг мунтазам янги ғоялар, лойиҳалар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион тафаккур ғоясининг шаклланишидаги аҳамияти катта. Бу мазмунан ўйин тушунчаси билан боғлиқдир.
Ўтган асрларда фаолиятнинг жузъий кўринишларидан бири бўлган ўйин ҳозирги пайтда жамиятнинг барча соҳаларида ўзини намоён этган ҳолда XXI аср постиндустриал жамият босқичида, қайсики, ахборот, компьютер технологик инқилоблар шароитида ҳамда геосиёсий таъсирлар ва ҳаракатлар доирасида унинг роли ва аҳамияти глобал миқёсга эришмоқда, деб айтишга ҳақлимиз. Иқтисодиёт, маданият, фан ва технологиянинг постноклассик босқичига ўтиши ўйиннинг ижтимоий, маънавий ва функционал ролини аҳамиятини ошириб бормоқда.
Ўйин тушунчасининг туб моҳиятига кириб борган сари унинг замирида кенг маънодаги ижтимоий, маънавий, интеллектуал, психологик, эмоционал ва функционал мазмун-маъноларни мавжудлиги англанади [2, 65 б.].
Ўйин – психикаси ва интеллекти юқори даражада ривожланган жонзотларга хос хатти – ҳаракат бўлиб, у инстинктив равишда ёки кўзда тутилган натижага (мақсад, ютуқ) эришиш жараёни завқ ва қониқиш ҳиссини келтирадиган фаолиятдир.
Айтиш лозимки, ўйинни амалга ошириш алгоритми ва стратегияси тафаккурда ишлаб чиқилади. Ўйиннинг унсурлари, айрим турлари вақт ўтиши билан ижтимоий ва маданий ҳаёт таъсирида янгиланиб боради. Ўйиннинг махсус техник ва оммавийлашуви жиҳатларини кўзда тутсак, унинг янгиланишига инновацион тафаккурни катта таъсир кўрсатишини кузатишимиз мумкин [6, 5 б.].
Кишиларда иқтисодий тафаккур маданиятини оширишга хизмат қилувчи ўйинлар назарияси инновацион тафаккурни шакллантиришдаги роли ниҳоятда катта. Бундан ташқари ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кишилар томонидан моҳияти тўла англанишида ҳам ўйин ва инновацион тафаккур концепцияларининг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Чунки ўйин ҳақиқий ҳаётнинг моделига ўхшашдир. У шундай моделки, ўйин жараёни давомида ҳаётимизнинг барча ёрқин, қизиқарли томонлари йиғилади ва у вақт ва фазо чегаралари билан аниқ белгиланган ҳамда қатъий аниқланган қоидалар асосидаги модел кўринишида сунъий ясалган ижтимоий ҳаракатнинг бир кўринишига айланади [4, 14–22 б.]. Шунинг учун ҳам ўйинни муҳим ва ўз қимматига эга бўлган ҳамда ўйновчига ўзини бутунлай намоён этишга имкон берадиган жиддий фаолият сифатида кўриш ўринли. Умуман олганда, бугунги кунда ўйин ва ижодий тафаккур ўртасидаги алоқадорликни англаш, жамият соҳаларидаги ўзгаришлар ва жараёнларга ўйин концепцияси, ўйинлар назарияси нуқтаи-назаридан ёндошиш ҳамда уни инновацион тафаккур муаммоси билан боғлаб тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Инсоннинг янги эҳтиёжларини ва муаммоларини қондириш ва ҳал этишга йўналтирилган янги ғоя, лойиҳаларни, ихтисослашган корхона ва жамоаларга, мунтазам равишда ишлаб чиқаришга, яратишга қаратилган инновацион тафаккур жараёнларига ўйинлар назарияси нуқтаи-назаридан ёндашиш ҳам бизнингча, ижтимоий соҳаларда ўзининг ижобий натижаларини беради. Ўйин муаммоси илмий-назарий тадқиқот предметига айлангандан кейин (иқтисодиёт назарияси, математика, психология ва бошқалар) унинг инновацияга шу жумладан инновацион тафаккурга муносабати масаласи табиий равишда юзага келди. Ўйин конепциясининг турли томонларини ўрганиш кишилар тафаккурида ўзига хос ўзгаришларга сабаб бўлади. Бундан келиб чиқадики, ўйиннинг ижтимоий функциялари тобора хилма-хиллашиб бориши боис ўйиннинг янги моделларини ишлаб чиқишда инновацион тафаккурнинг роли катта эканлиги англанилди.Ўйин ғоясини англай олиш эса вужудга келадиган унумли ва янги фикрларни умумийлик асосида бирлаштиришга хизмат қилади.
Инновацион тафаккур ва ўйинлар назариясининг умумийлик тарафлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат.
Инновацион тафаккур ва ўйинга даврийлик хосдир, уларда даврий жараён, яъни уларнинг ҳар икковида ҳам бошланиш, юксалиш ва якунланиш фазалари мавжуд.
Инновацион тафаккур жараёнларида маълум моделлар орқали муайян янги тасаввурлар ва хулосалар пайдо бўлади. Ўйин жараёнида ҳар бир субъект ўзига хос йўналиш ва услубига эга бўлади, асосий урғу эса бетакрорликка берилади. Инновацион тафаккурда айнан бетакрорлик устувор аҳамият касб этади. Ўйин категорияси жой олган ўйинлар назарияси инсоният жамиятида содир бўладиган ҳодисалар моделини беради.
Ҳар қандай ноаниқлик шароитида ечимни топишга интилиш ва бунда ечимни қабул қилувчи субъект, яъни, ўйинчи хилма-хил мавжудликка эга бўлган вазиятлар ҳақида маълумотга таяниши ҳамда ана ўша вазиятларнинг бирида аниқ иштирок этиши ўйинлар назариясининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.
Ўйинлар назариясини ҳаётга тадбиғи орқали инновацион фикрлашга ундайдиган объектив ва субъектив омилларни ҳосил қилиш имконияти вужудга келади. Яъни маълум қулай вазиятни, шароитни таъминлай олиш, ижодий амалий фаолиятга олиб келадиган фикрлар ўйинини вужудга келтириш мумкин бўлади ва бу табиийки, инновацион тафаккурга хос бўлади.
Бундан ташқари бевосита назарий тафаккурдаги шундай жараёнлар орқали бўлажак маҳсулот ғоясини ўйлаб қўйиш ёки янги мазмунни мужассамлантирадиган олд ғояни шакллантира олиш ҳам мумкин бўлади.
Инновацион тафаккур ўзига хос даврий босқичларига эга. Эҳтимоллилик ва статистик ноаниқлик шароитидаги экстремал масалалар ечими назарияларининг табиий ривожланиши ҳисобланган ўйинлар назарияси орқали тафаккурда илгари сурилган олд ғояни масалага айлантириш ва изланиш жабҳаси бўлган муаммоли вазиятни ҳосил қилиш ҳам мумкин. Бу эса инновацион тафаккурнинг ана шу даврий босқичининг самарали бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Албатта, янги тасаввур, хулоса чиқариш, бирон-бир турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ижодий фикрлашни талаб қиларкан, бу ўринда ўйин билан ижодий тафаккур ўртасидаги боғлиқлик янада мукаммалашади. Ўйин ва ўйинлар назарияси кишини ижодий-инновацион фикрлашга ундайди ва бундан интеллектуал фаолият амалга оширилади. Интеллектуал фаолият ижтимоий ишлаб чиқариш соҳаси ёки жараённинг таркибий қисмини ташкил қилганда жамиятда узлуксиз моддий-техникавий ва маънавий интеллектуал тараққиёт содир бўлади. Индустриал жамиятдан постиндустриал жамиятга ўтишда инсон истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг янгидан-янги турларини ишлаб чиқариш, доимий, мунтазам амалга ошириладиган жараёнга айлангандан кейин ижодий фикрлаш ихтисослашган интеллектуал-инновацион фаолият, меҳнат даражасига кўтарилади. Шу тарзда ўйин назарияси ҳам бу жараёнга туртки бўлади ҳамда ақлий фаолият жабҳасида инновацион тафаккур шаклланади.
Библиографик рўйхат
1.Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Том 1. - Тошкент, 1996.
2.Тимонин Н.В. Игра в исследованиях и публикациях последних лет (1991-1999 гг.) // Традиционная культура. М.: 2001. - № 1. - С. 62-69.
3.Степанов Н.И. Наука и игра: сопоставление и аналогия // Теория познания и современная физика. -М.: Наука, 1987. -С.75-87.
4.Демин М.В. Труд и игра как виды и аспекты человеческой деятельности // Вестник Моск. ун-та. 1983. - серия 7, Философия- № 1. - С. 14-22;
5.Ильясов P.P. Философия человеческой игры. Монография/ P.P. Ильясов, Г.Г. Муфтиев. Уфа: УИ РГТЭУ, 2005. - 166 с.
6.Ш.С.Қўшоқов. Инновацион тафаккур концепцияси. Фан ва фалсафада инновацион тафаккур муаммолари Илмий мақолалар тўплами. Самарқанд, СамДУ 2010 й., 5-б.
Уважаемые авторы! Кроме избранных статей в разделе "Избранные публикации" Вы можете ознакомиться с полным архивом публикаций в формате PDF за предыдущие годы.