М. Қ. Мирзаева, Фалсафа фанлари номзоди, доцент, фалсафа кафедраси,
Самарқанд давлат университети,
Самарқанд, Ўзбекистон
Глобаллашув жараёни ер юзи халқларини яқинлаштириш билан бир қаторда, ниҳоятда мураккаб ва жиддий ҳодиса бўлиб, унинг таъсири барча ижтимоий соҳалар: иқтисод, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, ахлоқ, йўналишларида яққол куриниб қолди. Биз унинг фан, техника, технология соҳасидаги ютуқларини бутун дунё халқлари мулки сифатидаги ижобий ролини қанчалик юқори баҳоламайлик, бу жараёнда тенгсизликнинг вужудга келаётганини ҳам эътибордан четда қолдира олмаймиз. Чунки у ривожланган мамлакатлар билан энди ривожланаётган мамлакатлар ўртасида маънавий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳадаги тафовутларни ҳам келтириб чиқармоқда. Масалан, ривожланган мамлакатларнинг мавжуд иқтисодий ресурсларга эгалик қилиши, бутун интеллектуал мулкни қўлга киритиш ва шу йўл билан ўз хукмронлигини таъминлашга интилишнинг кучайишига олиб келиб, ушбу ҳукмронлик орқали бизга ўзларининг ёд ғоя ва мафкураларини ҳам сингдиришга уринмоқдалар. Бу эса бошқа мамлакатлар қатори, бизда ҳам айрим ҳолларда халқаро ва миллатлараро миллий – маънавий муносабатларга таъсир ўтказиб, сиёсий, иқтисодий тараққиётдаги тафовутларни кучайишига ва ижтимоий барқарорликни бузилишига олиб келмоқда. Шу боис дунё халқлари умумий манфаатлар йўлида бирлашиб, қарашлари, қадриятлари турлича бўлсада, ўзаро муносабатга киришдилар. Аммо, инсонларнинг интеллектуал салоҳияти ўсиб борган сари манфаатлар уйғунлиги жараёни мураккаблашиб, уларнинг эҳтиёжлари ҳам ўзгарди.
Бу ҳақда Президент И.А.Каримов шундай дея таъкидлайди. “Бугунги дунёда жадал ўзгариб бораётган вазият ва жараёнлар, мавжуд можароларнинг кескинлашуви ва янги қарама-қаршиликларнинг пайдо бўлиши, баъзи минтақаларда этник ва конфессиялараро тафовутлар негизида вужудга келаётган тўқнашувларнинг кучайиши, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамда унинг оқибатлари жиддий таҳдид ва хатарларни келтириб чиқармоқда.
Ядровий технологиялар ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиб кетиш хавфи, муросасизлик, радикализм ва экстремизмнинг ўсиши, янги кескинлик ўчоқларининг пайдо бўлиши дунё ҳамжамиятида катта ташвиш уйғотмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги турли сиёсий бўҳронлар ва иқтисодий тангликлар мавжуд бўлган бир вақтда ҳар хил қарашдаги кишилар, диний муносабатлар ва миллий хусусиятлар маънавий глобаллашув туфайли бирлашди ва мамлакат фуқароси сифатидаги яхлитликни таъминлаб, амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, самараси ва миқёсини курсатиб бермоқда.
Шу боис ҳозирги ўтиш даврида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни барқарорлаштириш масаласи ҳам эътибордан қолмай, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омили сифатида кун тартибига чиқди ва давлатимиз фақат адолат кучига таяниб, миллий, ирқий, диний мансублигидан қатъи назар, мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилмоқда.
Бу ҳақда Президент И. А. Каримов шундай дейди. “Ҳозирги конкрет вазиятда миллатлараро муносабатлар билан боғлиқ бўлган муаммоларга алоҳида эътибор бериш зарур... Шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларидаги айнишлар, тўғри йўлдан тойишлар миллатлараро муносабатларга салбий таъсир ўтказди [3, б. 220].
Куриниб турибдики миллатлараро ва миллий муносабатлар ижтимоий ҳодиса бўлиб, ҳар қайси миллат вакили ижтимоий барқарорликдан, ижтимоий таъминотдан ҳақли равишда манфаатдор ва ҳар қайси инсон фуқаро сифатида ўз мамлакатидаги барча имкониятлардан, неъматлардан фойдаланишга ҳақли. Шу боис ижтимоий муносабатлар доимо жамият янгиланаётган бир пайтда эскича қарашлар исканжасидан халос бўлиши, оламни янгича идрок қилиб, дунёқарашлар яқинлиги ва уйғунлигига эришишга ҳаракат қилиши лозим.
Ахборот инсонларнинг бир-бирига нисбатан таъсир ўтказиш воситасига айланганлиги боис, мамлакатимизда 2003 йил 11 декабрда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун эълон қилинди. Чунки, ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган миллий манфаатлар – миллатнинг маданий – тарихий бирлик сифатида ўзини – ўзи сақлай олиши, миллий қадриятларнинг, ижтимоий ва давлат институтларининг ҳимояланганлиги, давлат суверенитети, ҳамда шахс, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш масалалари ахборотлашув жараёнига боғлиқ бўлиб қолди.
Ахборотнинг «мафкуравий полигонларда» «ўта хавфли қурол» сифатида фаол ишлатила бошлаши эса ахборотни сақлаш, қайта ишлаш ва тарқатишнинг техник имкониятлари тезкор ривожланганлиги билан боғлиқ бўлиб, сўнгги 50 йил давомида дунёда ахборотларни тарқатиш тезлиги 300 минг марта ошди, нархи эса минг мартага арзонлашди. Бу жараён давомлидир.
Шу боис И. А. Каримов глобаллашув жараёни мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатига хизмат қилаётганини таъкидлаб, «бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюлган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши» мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Чунки биринчидан, мазкур муаммо ўз моҳиятига кўра, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий тараққиётнинг зиддиятли кечиши натижасида вужудга келадиган маънавий-ахлоқий инқирозлар ва глобаллашувини намоён қилиб, агар у тезкорлик билан ҳал қилинмаса, Ер юзидаги цивилизация ҳалокатга учраши, иккинчидан, сўнгги йилларда ахборот ресурслари халқаро қарама - қаршиликлар майдонига айланиб, геосиёсий мақсадларга эришиш воситаси бўлиши, учинчидан, дунёнинг турли чеккаларида оммавий ахборот воситалари кўп ҳолларда мафкуравий таъсир қуролига айлантирилиб, айрим сиёсий доираларнинг ғаразли мақсадларига хизмат қилиши, туртинчидан, ахборот ҳар бир индивид ва жамиятнинг ҳаёт-фаолияти, ўзаро мулоқоти ва ривожланиши учун фундаментал ҳамда ўта зарур муҳит ҳисобланиб, ахборот асри деб ном олган янги ХХI асрда ҳар бир миллат, жамият ва давлатнинг интеллектуал рақобатбардошлилигини юзага чиқариши мумкин.
Шунинг учун ҳозирги кунда ахборот ва у билан боғлиқ муаммолар илмий тадқиқотларига кучли эҳтиёж сезилиб, инсон тафаккурини туғри ривожлантириш орқали сайёрамизда яшаётган барча кишилар учун муносиб ва хавф-хатарсиз ҳаётни таъминлаб бериш ҳақида куп гапирилмоқда. Бу ҳақда ўтган асрнинг 80-йилларидан Ғарб илм аҳллари, файласуфлари инсониятни огоҳ этиб, [4, б. 7] муайян ишларни амалга оширган эди. Аммо мавжуд муаммолар ҳозир ҳам долзарблигини сақлаб қолмоқда ва ўз вақтида мазкур муаммоларни ҳал этиш бўйича турли хил концепциялар яратилган. Уларнинг аксарияти ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотган эмас, аксинча долзарблашиб бормоқда [5, б. 324–334.] Айниқса, инсониятнинг янги асрга ўтиши ва дунё сиёсий-мафкуравий манзараси ўзгариши билан умумбашарий муаммолар: файласуф, сиёсатшунос, тарихчи олимлар, жамоат арбоблари томонидан янада долзарб масала сифатида кун тартибига қўйила бошланди.
Шу боис ҳозирда ахборотлашув жараёнини турли хил цивилизация ва маданиятлар ўртасидаги ўзаро диалог контекстида олиб қараш зарур бўлиб, бундай хатарларга доимо сергак, огоҳ ва хушёр бўлиб яшаш, уларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган ижтимоий, маънавий тадбирлар билан жавоб бериш муҳим аҳамият касб этади. Ва шундагина халқимиз, айниқса, ёшларимиз воқеликка очиқ кўз билан қараб, жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларни, тарқатилаётган турли маълумот ва ахборотларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса, сабоқ чиқара олади.
Хулоса қилиб айтганда ҳозирги маънавий глобаллашув жараёнида ахборот-коммуникациялар фаолиятидан тизимли фойдаланиш ва уларни жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўғри қуллаш, мамлакатда сиёсий, иқтисодий, маънавий муносабатларни барқарорлаштириб, ижтимоий тараққиётни ривожлантиради. Буни Ўзбекистон мисолида яққол кўриш мумкин. Чунки мамлакатимизда ўтиш даврининг барча зиддиятлари, қийинчиликлари ҳисобга олиниб, ички иродаси, эътиқоди бақувват ва ҳар хил ижтимоий, диний, сиёсий муаммолар билан кураша оладиган фуқароларни шакллантириш, уларнинг ғоявий-мафкуравий бирлигини таъминлашга эришиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим бўғинига айланди.
Библиографик рўйхат
Уважаемые авторы! Кроме избранных статей в разделе "Избранные публикации" Вы можете ознакомиться с полным архивом публикаций в формате PDF за предыдущие годы.