Ближайший журнал
Ближайший Научный журнал
Paradigmata poznání. - 2022. - № 4

Научный мультидисциплинарный журнал

PP-4-22

русскийрусский, английскийанглийский, чешскийчешский

21-20.10.2022

Идёт приём материалов

Информатика Искусствоведение История Культурология Медицина Педагогика Политология Право Психология Религиоведение Социология Техника Филология Философия Экология Экономика


Литературный журнал Четверговая соль
Литературный журнал "Четверговая соль"

Каталог статей из сборников научных конференций и научных журналов- ИЖТИМОИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ НАМОЁН БЎЛИШ ШАКЛЛАРИ ВА ДАРАЖАЛАРИ

ИЖТИМОИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ НАМОЁН БЎЛИШ ШАКЛЛАРИ ВА ДАРАЖАЛАРИ

У. Р. Қўшаев, фалсафа фанлари номзоди, тадқиқотчи,

Тошкент ислом университети,

Тошкент, Ўзбекистон

 

Бағрикенглик жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳамда социал структуранинг ижтимоий субъектлар ўзаро таъсир ва алоқада бўладиган барча даражаларида намоён бўлади. Бундай соҳа ва даражалар ўртасида мураккаб боғланишлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси биргаликда яхлит ижтимоий бағрикенглик манзарасини акс эттиради. Мавжуд адабиётлар таҳлилидан келиб чиқиб диний, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий соҳалар кесимида, инсон ва инсон, инсон ва ижтимоий гуруҳ (синф, қатлам), гуруҳлараро, инсон ва жамият, миллатлараро, халқаро, давлатлараро каби ижтимоий ўзаро таъсир ва муносабатлар кесимларидаги бағрикенглик шакллари ва даражаларини ажратиб кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Миллатлараро муносабатлар билан боғлиқ масалалар доирасида “этнос” ҳамда “этник тоқатлилик”, “этнослараро ҳамжиҳатлик” каби атамалар ҳам кенг қўлланилади. Шу билан боғлиқ равишда мутахассислар томонидан этник бағрикенгликка доир илмий нуқтаи назарлар илгари сурилганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, Н. М. Лебедева фикрича, бундай шаклдаги бағрикенглик “ўз маданиятини позитив қабул қилиш ҳиссини сақлаб қолган ҳолда ўзга маданият ҳақида позитив образга эга бўлишни англатади” [10, б. 52]. Бироқ ушбу таъриф жуда примитив ва юзаки характерга эга, зеро, унда этник бағрикенгликнинг моҳиятини ташкил этган у ёки бу асосий унсур аниқланмаган ва изоҳланмаган ҳолда фақатгина ҳодисанинг ижобий хусусиятга эга эканига ишора қилинган. Т. П. Днепрова этник бағрикенглик ҳақида қуйидагича фикр билдирган: “... ўзгача анъана ва маданиятга нисбатан ҳурматга асосланган муносабат ифодалайдиган ижтимоий-психологик тавсиф, турли этник гуруҳларнинг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш ва ўзаро таъсирлашишга бўлган интилишларидир” [6, б. 96].

Маълумки, қадим-қадимдан турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув биргаликда ҳаёт кечириб келаётган Ўзбекистон заминида миллатлараро бағрикенглик халқимиз маданиятининг энг муҳим белгиси сифатида алоҳида қадрланади. Миллий истиқлол мафкураси тизимида “миллатлараро тотувлик – муайян ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг баҳамжиҳат яшаши, ҳамкорликда фаолият юритишини ифодаловчи тушунча” [1, б. 204], деб таърифланган.

Албатта, Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар нафақат маънавий-ахлоқий, балки мустаҳкам ҳуқуқий асосларга ҳам эга. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади” [2, б. 5], – деб белгиланган. Айни пайтда, Ўзбекистонда 1995 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ирқий дискриминациянинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги Конвенция”ни ратификация қилинган. Мавжуд ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий шарт-шароитлар туфайли ҳозирда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. Уларнинг ҳар бири учун ўзларининг миллий тили, дини, урф-одат ва анъаналари ва умуман маданиятини асраб-авайлаш, янада ривожлантиришга қаратилган шароитлар ҳам мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда 150 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Назария ва амалиётда миллатлараро тотувлик аксарият ҳолларда диний бағрикенглик, диний тоқатлилик каби иборалар билан параллел равишда ишлатилади. Шу маънода, ижтимоий бағрикенгликнинг муҳим шаклларидан бири сифатида диний бағрикенглик диний тоқатлиликка нисбатан мазмунан кенг тушунча бўлиб, тўпловчи хусусиятга эга. Жумладан, у тоқатлилик билан биргаликда ҳурмат, эътибор, хайрихоҳлик каби моҳиятан бағрикенглик категорияларини ҳам ўз мазмунига сингдиради. Айни пайтда, диний тоқатлилик диний бағрикенгликнинг муҳим белгиларидан бири сифатида чиқса-да, унинг ягона шарти бўла олмайди. Зеро, диний бағрикенгликни характерлайдиган ҳурмат, эътибор, хайрихоҳлик, тоқатлилик каби категорияларнинг ҳеч бири мутлақ ўрин тутмайди, балки улар ўртасида ўзаро таъсир ва тақозо алоқалари амал қилади. Бошқача айтганда, турли тарихий, ижтимоий, маънавий, ахлоқий шароит ва вазиятда ҳамда турли ижтимоий субъектлар даражасига кўра улардан бири бошқаларининг келиб чиқиши ва ривожланиши учун асосий омил вазифасини бажаради.

Диний тоқатлилик энг умумий маънода ўз динининг ўрни ва аҳамиятини унутмаган ҳолда бошқа динларни тан олишда намоён бўлади. Диний ва дунёвий маданият элементларининг ўзаро самарали ассимиляцияси тоқатлилик ва бағрикенглик шаклланиши ва ривожланишининг муҳим шарти сифатида чиқади. Бағрикенглик ўзаро бир-бирини бефарқлик асосида акс эттириш эмас, балки ўзаро тушуниш, мулоқотга киришиш ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришга интилишларда ўз аксини топади. Диний бағрикенглик эришиш мураккаб ва узоқ давом этадиган жараёндир. Шунинг учун ҳам бу муаммо тарихий тараққиётнинг барча босқичларидан долзарб ҳисобланади. Диний бағрикенглик воқе бўлиши кўп жиҳатдан унинг бошланғич бўғини бўлган диний тоқатлиликка боғлиқдир. Зеро, диний тоқатлилик ҳатто ўзаро айрим тушунмовчиликлар, эътиборсизликлар, антипатиялар ўз ўрнига эга бўлган шароитларда ҳам турли дин вакиллари ўртасидаги ўзаро диний қадриятлар, урф-одат ва анъаналар ҳамда турмуш тарзига нисбатан сабр ва бардошли муносабатларни ифода этади.

“Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да таъкидланганидек, “Бағрикенглик – турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки, сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир” [5]. Шу маънода, ижтимоий бағрикенгликнинг муҳим кўринишларидан бири – бу, сиёсий бағрикенгликдир. Мазкур тушунча ижтимоий фанлар тизимидаги янги атамалардан бири ҳисобланади. Шундай бўлса-да, сиёсий бағрикенгликни ижтимоий бағрикенглик тизимининг муҳим элементларидан бири сифатида илмий нуқтаи назардан таҳлил этиш зарур.

Замонавий немис файласуф олими Ю.Хабермас шундай ёзади: “бағрикенглик – либерал жамият фуқароларидан талаб қилинадиган сиёсий фазилат бўлиб, ўз навбатида, сиёсий жараёнда у ёки бу ўзаро муносабатлар иштирокчиларининг фикр ва қарашлар ўзаро зид келган шароитларда ўз нуқтаи назарларининг чинлигига шубҳа қилмаган ҳолда, бироқ муаммоли вазият хусусида мухолиф қараш ва ёндашувларнинг ҳам ифода этилишига имкон беришга тайёрлик ва шу орқали ўзаро муносабатларнинг умумий асосларини сақлаб қолишга интилиш билан боғлиқ конструктив хатти-ҳаракатларда яққол намоён бўлади” [11, б. 45–53].

Айни пайтда, таъкидлаш жоизки, сиёсий бағрикенглик сиёсий демократиянинг ажралмас атрибутив қисмларидан биридир. Зеро, у кишиларнинг давлат аҳамиятига молик масалалар юзасидан аниқ ва пухта ишлаб чиқилган қарашларини, соғлом сиёсий рақобат майдонида ўзини намоён қилишга қодир ижтимоий бирлашмаларнинг фаолиятини, фаол ижтимоий интеракция, яъни интенсив ўзаро таъсир ва муносабатлар тизимини ва энг муҳими, сиёсий жараён субъектларининг оқилона, онгли яхлитлиги, бирлигини ўз мазмунига жо қилади. Шу маънода, бағрикенглик нафақат жаҳон динлари орасида кечиши мумкин бўлган ўзаро муносабатларнинг сифат ҳолати, балки, айни пайтда у сиёсий бағрикенглик шаклида жамиятни бошқаришда турли-туман ўзаро муқобил ёндашув ва мафкураларнинг ўзаро биргаликда ҳамжиҳатлик муҳитида мавжуд бўлишини англатади.

Таъкидлаш жоизки, сиёсий бағрикенглик ва сиёсий тоқатсизликка асосланган хатти-ҳаракатлар ва фаолиятнинг субъекти сифатида давлат ва унинг номидан фаолият олиб борадиган ижтимоий ва сиёсий институтлар, объекти сифатида эса, алоҳида олинган шахс, ижтимоий гуруҳлар, қатламлар, миллат, элат ва ҳ.к. ижтимоий кучлар намоён бўладилар.

Маълумки, бозор иқтисодиётига асосланган хўжалик юритиш шакли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун зарур эркинлик ва соғлом рабоқат муҳитининг яратилишини тақозо этади. Шунингдек, ўзининг хусусиятига кўра, иқтисодий муносабатлар ирқи, миллати, жинси, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар аксарият инсонларни қамраб оладиган соҳалардан бири ҳисобланади. Бошқача айтганда, молиявий-иқтисодий манфаатлар инсонларни ўзаро ҳар қандай мазмун ва шаклдаги фарқ ва тафовутларни бўрттирмай, уларни иккинчи даражага сурган ҳолда ўзаро муносабатларга киришишга ундайдиган қудратга эга. Бундай ҳолат, ижтимоий бағрикенгликни мустаҳкамлашда иқтисодиётнинг улкан салоҳиятга эга эканини англатади. Айни пайтда, иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг ўзи ҳам очиқ, шаффоф, эркин, тенг ҳуқуқли, ўзаро ҳурмат тамойилларига риоя этишни тақозо этади ва бу тегишли ҳуқуқий нормаларда ҳам ўз аксини топади. Мазкур фикрлар ижтимоий бағрикенгликнинг яна бир шакли – иқтисодий бағрикенглик ҳақидаги мулоҳазаларни илгари суришга етарли имкон беради.

Бу борада, илмий адабиётларда ўз ифодасини топган айрим ёндашувларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, бағрикенгликнинг тамойиллари ва чегаралари билан боғлиқ масалаларни таҳлил қилган ҳолда С.Дацюк иқтисодий соҳадаги бағрикенгликни энг қулай ва осон эришиш мумкин бўлган шакллардан бири, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, иқтисодиёт қисқа фурсатда рақобатдан ҳамкорлик сари ва аксинча йўл тутишга имкон беради. Иқтисодий бағрикенглик кўрсатиш кучли динамикага эга ва қўйилган мақсадлар доирасида доимо аниқ ифода этилади. Мутахассис бу борада мақсадлар муштараклиги алоҳида аҳамият касб этишига урғу беради. “Иқтисодий бағрикенглик рақобат жараёнида ўзини кўрсатиши зарур, яъни бир иқтисодий мақсад бошқа иқтисодий мақсад томонидан босим ўтказиш орқали йўқ қилишини эмас, балки мақсадларнинг муштараклигига эришишга интилиш йўли билан фаолият олиб бориш зарур” [4], – деб ёзади олим.

Бу борада Н. Ч. Бедалованинг нуқтаи назари ҳам эътиборга молик. Мутахассис фикрича, иқтисодий интилишлардаги бағрикенглик, иқтисодий эркинлик ўз иқтисодий манфаатлари учун ҳалол кураш олиб боришга қодир рақобатчиларнинг манфаатларига нисбатан тоқатли муносабатни англатади. “Мазкур соҳада бағрикенгликнинг мавжудлиги, олий даражадаги миллий қонунчилик ҳамда соғлом рақобат иқтисодий тараққиёт, ишлаб чиқариш соҳаларида янги технологияларнинг ривожланиши, алоҳида индивидлар ҳамда ижтимоий гуруҳлар ташаббускорлигини рағбатлаштиришга хизмат қилади. Бундай вазиятда бизнес этикаси ҳақида сўз юритиш ўринлидир” [3], – деб таъкидлайди олим.

Юқорида айрим фикрлари шарҳланган олимларнинг қарашларидан маълум бўладики, ҳозирда жамоатчиликда, энг аввало, олимлар ўртасида бағрикенглик иқтисодий соҳа тараққиётининг муҳим шарти экани ҳақидаги хулоса қатъий шаклланган. Бу эса, ўз навбатида, ўзига хос “иқтисодий демократия” ҳисобланган бозор муносабатларининг самарадорлиги унга ғоявий ҳамоҳанг бўлган бағрикенглик тамойилларининг жорий этилганлик даражасига боғлиқ экани тўғрисидаги навбатдаги муҳим хулосани чиқариш имконини беради.

Юқорида “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси”га таянган ҳолда  ушбу ҳодисани фақат маънавий бурч эмас, балки, сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж сифатида ҳам талқин этиш зарурлиги таъкидланди. Мазкур теран қоиданинг амалий татбиқи, бир томондан, замонавий жамиятнинг энг муҳим соҳаси бўлган ҳуқуқий муносабатларни ҳам ижтимоий бағрикенглик тамойилларига мувофиқ бўлишини тақозо этади. Иккинчи томондан эса, ижтимоий таъсирлашувнинг барча даражаларига хос ўзаро муносабатлар ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги фаолият йўналишларини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган механизмларнинг бир вақтнинг ўзида жамият аъзоларида бағрикенглик маданиятини юксалтиришга хизмат қилишига кенг йўл очади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, замонавий илмий адабиётларда гарчанд “ҳуқуқий бағрикенглик” ибораси атама сифатида тўлиқ расмийлашмаган ва кўп ишлатилмаса-да, мазкур икки феноменнинг ўзаро узвийлигига доир турли таҳлиллар ўз аксини топганини таъкидлаш жоиз. Биргина россиялик файласуф ва ҳуқуқшунос мутахассислар томонидан эълон қилинган “Философский словарь по правам человека [9] (Инсон ҳуқуқлари бўйича фалсафий луғат)” нашри ҳам ҳозирги даврда ҳуқуқий соҳа фаолиятининг фалсафий идрок этишга бўлган эҳтиёжнинг англаб етилиши натижасидир.

Д. А. Турашбекова бағрикенглик шакллари қаторида ҳуқуқий бағрикенгликни алоҳида ажратиб кўрсатади. Унинг фикрича, бағрикенглик умуминсоний императив тамойил сифатида фуқароларнинг ҳуқуқий тарбиясига татбиқан олиб қаралганда қуйидаги жиҳатларни англатади: ўзгача мантиқ ва қарашлар, баҳслар ҳамда ҳуқуқий воқеликка нисбатан танқидий муносабат ҳуқуқини тан олиш ва қабул қилиш; ўқитиш, маърифат ва таълим жараёнида қўлланиладиган турли ҳуқуқий восита ва шакллар ўртасидаги фарқларга нисбатан ҳуқуқларни тан олиш; сиёсий ҳокимиятнинг конституция доирасида мухолифат кучлари томонидан ўз ҳуқуқий қадриятларини тарқатиш ҳуқуқини ҳамда сиёсий хилма-хиллик, кўп партиявийликни қабул қилишга тайёрлиги; тоқатлиликни қарор топиш ҳуқуқи, қўллаш ҳуқуқи ва одил судлов даражаларидаги фуқаролар ҳуқуқий тарбияси шаклларининг тизимини барқарорлаштирувчи омил сифатида талқин этиш [8, б. 46–51].

Албатта, бағрикенглик ва ҳуқуқ соҳасининг ўзаро алоқадорлигига доир юқорида шарҳи келтирилган фикр-мулоҳазалар ва ёндашувлар янада такомиллаштириш, ривожлантиришга муҳтож, қўлланилаётган тушунчаларнинг мазмунига ойдинлик киритиш талаб этилади. Бироқ шундай бўлса-да, уларнинг барчаси ҳуқуқ ва бағрикенглик диалектикасининг турли жиҳатларини асослаш учун зарур методологик ҳолатлар сифатида хизмат қилади. Бошқача айтганда, ҳуқуқий бағрикенглик назарияси ҳозирда шаклланишининг бошланғич даврини бошидан кечирмоқда.

Бағрикенглик феноменининг ижтимоий моҳиятини оила институтига доир назарий фикр-мулоҳазалар билдириш орқали янада теранроқ очиб бериш мумкин. Маълумки, оила жамият тизимининг муҳим бўғинларидан биридир. Яхлит, кўп функциявий, муайян даража барқарор, анъанавий ижтимоий институт сифатида оила бутун жамият учун узлуксиз ижтимоий ривожланиш темпини таъминлашга хизмат қилади. Оилани жамият таркибидаги жамият дейиш мумкин. Зеро, кенг маънодаги жамиятнинг ўзига хос модели сифатида оила ўз мазмунида жамият ҳаётига хос кўплаб хусусият ва элементларни мужассамлаштирган. Айни пайтда, оила бағрикенглик кесимидаги масалалар қаторида ҳам марказий ўринлардан бирини эгаллайди. Хусусан, бу борада, бизнинг фикримизча, оила – эр-хотинлик, ота-она ва фарзанд ёки қариндошлик алоқалари билан боғланган, аҳоли нуфусини қўллаб-қувватлаш ва оилавий авлодлар ворисийлигини таъминлаш, болаларнинг ижтимоийлашувини амалга ошириш ва ўз аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган, умумий яхлит фаолиятга асосланган кишиларнинг бирлиги ҳисобланади [7].

Маълумки, тарбия ўсиб келаётган ёш авлодда бағрикенглик маданиятини шакллантиришнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади, ўз навбатида, тарбия оила институти билан узвий алоқадор бўлган маънавий-ахлоқий ҳодисадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, тарбия ижтимоий бағрикенглик маданиятини камол топтиришнинг асосий шартларидан бири сифатида инсонни ҳаётга тайёрлаш мақсадидан келиб чиқадиган уни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган мақсадга мувофиқ хатти-ҳаракат ва чора-тадбирлар тизимини англатади.

Бағрикенглик тарбиясини ҳам замонавий тарбия жараёнининг муҳим шакллари қаторида олиб қараш, мақсадга мувофиқ. Тарбиянинг бу тури табиий равишда бошқа тарбия турлари билан ўзаро таъсир ва алоқадорликда шаклланади ва уларнинг ўзаро уйғунлашуви оқибатида юзага келадиган ўзига хос симбиоз сифатида намоён бўлади. Бағрикенглик руҳида тарбияланган киши – содиқ дўст, умр йўлдоши, ғамхўр оила бошлиғи, масъулиятли ходим, ўзга маданият, тил ва динга мансуб кишиларга ҳурмат билан муносабат белгилайдиган ибратли ахлоқ соҳибидир. Бошқача айтганда, ижтимоий бағрикенглик тарбия жараёнини тақозо этади, ва мазкур жараён қанчалик чуқур мазмун ва тизимлилик касб этса, инсондаги бағрикенглик маданияти ҳам шунчалик мукаммал бўлади. Тарбия ва таълимнинг пойдевори оила даврасида барпо этилади.

Хулоса тариқасида шуни таъкидлаш мумкинки, ижтимоий бағрикенглик ўзга ва бошқаларга нисбатан фаол муносабатни англатади ва ирқи, жинси, миллати, тили ва динидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш ва ҳурмат қилишда намоён бўлади. Айни пайтда, бағрикенглик – бу, ўз қарашлари ва эътиқодидан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, бу, ўзининг маданияти, тили, дини, урф-одатларини юксак қадрлайдиган инсоннинг худди ўзи каби бошқа инсонларнинг шу каби ўзига хос хусусиятларига нисбатан белгилайдиган ижобий, ва соғлом мулоқотга асосланган муносабатидир. Шу маънода, бағрикенглик ижтимоий субъект маънавий борлиғининг сифат ҳолати ва индивидлар, ижтимоий гуруҳ ва қатламларнинг ўзаро муносабатлари конструктивлиги ва барқарорлигининг асосий тамойилидир.

 

Библиографик рўйхат

  1. Миллий ғоя: тарғибот технологиялари ва атамалар луғати. – Тошкент : “Akademiya” нашриёти, 2007. – 204 б.
  2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Тошкент : “Ўзбекистон”, 2015. – 5 б.
  3. Бедалова Н. Ч. Толерантность и формы ее проявления в условиях глобализации. - http://psychology.az/tolerantnost2.php
  4. Дацюк С. Принципы и пределы толерантности. - http://hvylya.net/analytics/society/printsipyi-i-predelyi-tolerantnosti.htm
  5. Декларация принципов толерантности. Утверждена резолюцией Генеральной конференции ЮНЕСКО от 16 ноября 1995 года. – 1995. – Режим доступа: http://www.tolerance.ru/declar.html. – Дата доступа: 11.08.2015.
  6. Днепрова Т.П. Педагогический анализ понятий «национальная толерантность», «этническая толерантность» и «межнациональная толерантность» // Педагогическое образование в России. – 2010. – № 2. – С. 96.
  7. Кушаев У.Р., Дорошина И.Г. Толерантность: энциклопедический словарь. – Пенза : Научно-издательский центр «Социосфера», 2014. – 484 с.
  8. Турашбекова Д.А. Правовые аспекты понятий толерантности // Вестник КазНУ, 2013. – №. – 2. – С. 46–51.
  9. Философский словарь по правам человека : [правовая культура и правовое сознание в России сегодня] / Нац. ин-т по правам человека [и др. ; ред. совет: Н. В. Бряник (отв. ред.) и др.]. - 2-е изд., испр. и доп. - Екатеринбург : Изд-во АМБ, 2007. - 710 с.
  10. Формирование толерантной личности в полиэтнической образовательной среде / под общ. ред. В. Н. Гурова. — М. : Пед. о-во России, 2004. – С. 52.
  11. Хабермас Ю. Когда мы должны быть толерантными? О конкуренции видений мира, ценностей и теорий / Ю. Хабермас // Социол. исслед. – 2006. – № 1. – С. 45–53.
Полный архив сборников научных конференций и журналов.

Уважаемые авторы! Кроме избранных статей в разделе "Избранные публикации" Вы можете ознакомиться с полным архивом публикаций в формате PDF за предыдущие годы.

Перейти к архиву

Издательские услуги

Научно-издательский центр «Социосфера» приглашает к сотрудничеству всех желающих подготовить и издать книги и брошюры любого вида

Издать книгу

Издательские услуги

СРОЧНОЕ ИЗДАНИЕ МОНОГРАФИЙ И ДРУГИХ КНИГ ОТ 1 ЭКЗЕМПЛЯРА

Расcчитать примерную стоимость

Издательские услуги

Издать книгу - несложно!

Издать книгу в Чехии