Каталог статей из сборников научных конференций и научных журналов- Юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият демократик жамият пойдевори (назарий-ҳуқуқий таҳлил)

К-06.01.18
VIII международная научно-практическая конференция
Социально-экономические проблемы современного общества
01.06-02.06.2018

Юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият демократик жамият пойдевори (назарий-ҳуқуқий таҳлил)

М. А. Утемуратов юридик фанлар номзоди, доцент,

Тошкент архитектура қурилиш институти,

г. Ташкент, Узбекистан

 

Ўзбекистон халқи интилаётган идеал жамият асосини, ундаги муносабатлар пойдеворини юксак маънавият ва илғор ривож топган сиёсий-ҳуқуқий маданият ташкил этади. Зеро, ҳуқуқий давлат ва маърифий жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳуқуқий маданият фуқаролик жамияти маънавий камолотининг, давлатчилик ривожи ва ҳуқуқий тизим етукларининг муҳим кўрсаткичи,  ундаги муносабатларнинг моҳиятини ифодаловчи омил ҳисобланади.

Халқнинг маънавий ва маданий қадриятларини қайта тиклаш, ўз навбатида, белгиланган эзгу мақсадлар сари сабот-матонат билан интилишни, ҳозирги ва келгусида эришилиши мўлжалланаётган ҳуқуқий онг ва маданият даражасини чуқур таҳлил этиш ҳамда унга илмий асосланган холис баҳо беришни тақозо этади. Шу боис, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш давлатимиз олдида турган долзарб масалалардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз [1, c. 100].

Айниқса бир тузумдан ўтиб, янги демократик давлат барпо этиш жараёни бениҳоя мураккаб эканлиги ҳамма бохабар бўлган ҳолат. Мураккаб ўтиш даврида инсонлар руҳиятида, онгида жиддий ўзгаришлар содир бўлиб, унда эски қадриятлардан воз кечиш ва янгиларини қабул қилиш жараёни юз беради ва у оғриқли, ўткир палладир. Россиялик таниқли ҳуқуқшунос олим В. С. Нерсесянц таъкидлаганидек, бу даврда, бир томондан, одамларда тезгина ҳуқуқий ижтимоий давлат қуриш, инсонларни бюрократлашган амалдорларнинг ҳамда жиноий тузилмаларнинг ўзбошимчалиги ва қонунни менсимаслигидан ҳимоя қила оладиган чинакам ҳуқуқий тизимни яратиш имкониятига нисбатан бўлган ишонч камая бормоқда.

Иккинчи томондан эса, бугунги ҳуқуқий онгда ҳали ривожланмаган, кўп жиҳатлари билан маданийлаша олмаган бозор ғоясининг таъсири катта. Айни пайтда, шу нарса аёнки, маърифийлашган бозор муносабатлари учун ривожланган индивидуал ҳуқуқий онг, ҳуқуқнинг инсонлар томонидан қадрланиши, индивиднинг ҳуқуқий маданиятга асосланган мустақил ҳаракатлар содир этишга, ўзини-ўзи тартибга солишга қодирлиги жуда зарурдир” [2, c. 396–397].

Ҳуқуқий онг тушунчасига оид манбалар ва фикрлар кўплигига қарамасдан, бу масалага ёндошувда муайян ноаниқликлар, турли фикрлар мавжудлиги ва баъзан эса уларнинг бир-бирига зидлиги ҳолатини кузатиш мумкин Шу боис, бугунги кунда ҳуқуқий онг тушунчаси бўйича ҳуқуқ назариясида айтилган фикрларни танқидий бир назардан ўтказиб, уларда умумийлик ва ўзгача ёндошувларни аниқлашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Ҳуқуқий онгга манбаларда берилган таърифларга эътибор қаратамиз: профессор З. М. Исломов ҳуқуқий онгга шундай таъриф беради: “Ҳуқуқий онгни мамлакат фуқароларининг ҳам амалдаги ҳуқуққа, юридик амалиётга, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари, мажбуриятларига, ҳам орзу қилинган ҳуқуққа ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларга муносабатини ифодаловчи ҳуқуқий сезгилар, ғоялар, баҳолар, тасаввурлар тизими сифатида таърифлаш мумкин” [3, c. 537]. Бу таърифда ҳуқуқий онг нималар, яъни қандай омиллар асосида шаклланиши масаласи эътибордан четда қолган.

Профессор Ю. А. Дмитриевнинг таърифича, “ҳуқуқий онг бу инсонларнинг ва уларнинг турли бирликларининг ҳамда бутун жамиятнинг амалдаги ҳуқуқ ва ҳуқуқий ҳодисаларга нисбатан қарашлари, ғоялари, тасаввурлари, ҳислари йиғиндисидир” [4, c. 547]. Ушбу таърифда ҳуқуқий онгнинг муҳим функцияси бўлган, З. М. Исломов таъкидлаб кетган баҳолаш фаолияти эътибордан четда қолган.

Россиялик ҳуқуқшунос олима А. Н. Головистикованинг ҳуқуқий онгга берган таърифи Ю. А. Дмитриевнинг таърифи билан бир хил, яъни “ҳуқуқий онг бу инсонларнинг ва уларнинг турли бирликларининг ҳамда бутун жамиятнинг амалдаги ҳуқуқ ва ҳуқуқий ҳодисаларга нисбатан қарашлари, ғоялари, тасаввурлари, ҳислари йиғиндисидир” [5, c. 658]. Бу икки муаллифнинг таърифи тасодифан айнан бир хил бўлиб, унда инсонларнинг кутилаётган, хоҳланаётган, З. М. Исломов таъбири билан айтганда “орзу қилинаётган ҳуқуқга” нисбатан муносабатлари ҳамда ҳуқуқий онг шаклланишининг омиллари назардан четга қолган.

Р. А. Ромашов ва А. Г. Индыкларнинг таърифича, “ҳуқуқий онг инсонларнинг ижтимоий ҳаётнинг юридик аҳамиятли ҳодисаларига (амалдаги қонунчиликка, юридик амалиётга, инсонлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига) нисбатан баҳоловчи руҳий муносабатини ифодаловчи ҳуқуқий тасаввурлари, қарашлари, ғоялари, ҳислари, ҳаяжонлари мажмуидир” [6, c. 346]. Бу таърифда ҳам инсонларнинг кутилаётган ҳуқуқга муносабати ҳамда ҳуқуқий онгни шакллантириш омиллари эътибордан четда қолган.

Айни пайтда, юқоридаги таърифларнинг барчасида жиддий яқинлик мавжудлигини эътироф этиш зарур. Шундай бўлишига қарамай, ушбу баён этилган таърифлар ичида З. Исломовнинг таърифи ушбу ижтимоий ҳодисанинг муайян жиҳатларини батафсил қамраб олган. Унда инсонларнинг нафақат амалдаги ҳуқуқ балки, исталаётган, “орзу қилинаётган” ҳуқуқга нисбатан муносабати таъкидланган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, ҳуқуқий онгга қуйидагича таъриф бериш мумкин: Ҳуқуқий онг бу жамиятнинг тараққиёт даражаси билан белгиланадиган ижтимоий онгнинг муҳим бир таркибий қисми бўлган, инсонларнинг ҳуқуқ, сиёсий-ҳуқуқий ҳодисалар, юридик амалиёт, ҳуқуқий тизим ва исталаётган, кутилаётган ҳуқуқ ҳақидаги фикрлари, ўйлари, ҳис-туйғулари, қарашлари, изтироб-кечинмалари ҳамда баҳолари ва тасаввурлари мажмуасидир.

Юридик адабиётларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, ҳуқуқий маданиятни икки маънода, яъни кенг ва тор маънода тушуниш мумкин [7, c. 27]. Кенг маънода ҳуқуқий маданият деганда инсоният ҳуқуқий соҳада яратган барчаҳодиса ва нормалар: ҳуқуқ, ҳуқуқ фани, ҳуқуқий онг, юридик амалиёт тушунилади. Ҳуқуқий маданият ҳуқуқ фанининг, ҳуқуқий онгнинг ҳолати, қонунларнинг ишлаб чиқилиши, сифати, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботнинг аҳволи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва амалиётчи юристларнинг касб маҳорати даражаси билан ажралиб туради. Тор маънода эса, ҳуқуқий маданият деганда жамият аъзоларининг ҳуқуқни билиши,унга ҳурмат билан қараши ва амал қилиши, жамиятда ҳуқуқнинг юқори нуфузга эга бўлиши тушунилади.

Академик Ш. З. Ўразаевнинг талқинига кўра, “ҳуқуқий маданият –ҳуқуқий тизимнинг етуклигини, ривожланганлигини, қонунийликнинг ҳолатини, кишиларнинг ҳуқуқий талабларга, қонунга муносабатини, аҳоли кенг оммасининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини, уларнинг ҳуқуқ бузилишларига муросасизлигини қамраб олувчи кенг тушунча”дир [8, c. 5–6]. В. И. Каминская ва Р. А. Ратиновлар ҳуқуқий маданият тушунчасига “ҳуқуқнинг амал қилиш жабҳасига дахлдор бўлган моддий ва идеал элементлар тизими, уларнинг одамлар онги ва хулқ-атворидаги инъикоси” [9, c. 369], деб таъриф берадилар.

В. П. Сальников ҳуқуқий маданиятни шахс ва жамиятнинг ҳар хил ҳолатларга кўра тизимга солиниши лозим бўлган ҳуқуқий ҳолати сифатида идрок этилиши мумкин бўлган алоҳида ижтимоий ҳодиса, деб тавсифлайди [10, c. 74]. Р. И. Хачатуровнинг фикрича, ҳуқуқий маданият деганда жамият ҳуқуқий ҳаётининг бутун ижтимоий, маънавий, сиёсий ва иқтисодий тузум билан белгиланган, ҳуқуқий фаолият, юридик ҳужжатлар, ҳуқуқий онгнинг эришилган ривожланиш даражасида ва умуман субъект (инсон, турли гуруҳлар, бутун аҳоли)нинг ҳуқуқий ривожланиш даражасида, шунингдек инсон хуқуқлари ва эркинликларининг давлат ва фуқаролик жамияти томонидан кафолатланганлик даражасида ифодаланувчи ҳолати тушунилади [11, c. 7–8]. Ҳуқуқшунос олима Е. В. Аграновскаянинг фикрича, ҳуқуқий маданият – бу юридик ҳуқуқлар ва бурчларнинг муҳимлиги, зарурлиги ва ижтимоий аҳамияти хусусида ҳуқуққа, қонунийликка, ҳуқуқий тартиботга нисбатан ижобий муносабатни шакллантирувчи, ҳуқуқий жабҳада ижтимоий фойдали хулқ-атворни таъминловчи қарашлар, баҳолар, эътиқод ва мўлжаллар тизимидир [12, c. 15].

Хулоса қилиб айтганда жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш юзасидан давлатимиз раҳбари Ш. М. Мирзиёев таъкидлаганидек, “...қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади” [13, c. 108]. Ўз навбатида бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш қонунни ҳурмат қилиш, ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимларнинг самарали фаолият кўрсатишининг асосий талабларидан бири бўлиб қолади.

Библиографик рўйхат

1.  Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлини қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд.-Тошкент.: “Ўзбекистон”,  2017. –Б.100.

2.  Азизхўжаев А.А. Давлатчилик ва маънавият. –Тошкент: Шарқ, 1997. –Б.97-98; Проблемы общей теории права и государства. –Москва: Изд. Группа. НОРМА-ИНФРА, 2004. – С.396-397.

3.  Исломов З.М. Давлат ва ҳуқуқ назарияси. –Тошкент: Адолат, 2007. –Б.537.

4.  Ю.А.Дмитриев. Правосознание и правовая культура. / Теория государства и права. Под. ред. Пиголкина. –Москва: Юрайт-Издат, 2006. –С.547.

5.  Головистикова А.Н. Правосознание и правовая культура. / Проблемы теории государства и права. –Москва: Изд.ЭКСМО, 2005. –С.658.

6.  Теория государства и права. Под. ред. проф. Р.А.Ромашова. – СПб.: Изд.Р.Асланова. “Юридический центр Пресс”, 2005. –С. 346.

7.  Саидов А.Х., Таджиханов У.Т.Ҳуқуқий маданият назарияси. Дарслик. Т1. Т., ИИВ Академияси, 1998. Б. 27-49.

8.  Уразаев Ш.З. Перестройка и правовая культура. – Ташкент: “Фан”, 1988. –С.5-6.

9.  Морозова Л.А. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристь, 2005. –С.369.

10. Сальников В.П. Социалистическая правовая культура. Методологические проблемы. – Саратов, 1989. –С.74.

11.  Хачатуров Р.И. Формирование правовой культуры в условиях становления гражданского общества в России: политико-правовое исследование. Автореф. дисс…канд. юрид. наук. – Казань, 2005. –С.7-8.

12.  Аграновская Е.В. Правовая культура и обеспечение прав личности. – М., 1988. –С.15.

Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлини қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд.-Тошкент.: “Ўзбекистон”,  2017. –Б.108.

Полный архив сборников научных конференций и журналов.

Уважаемые авторы! Кроме избранных статей в разделе "Избранные публикации" Вы можете ознакомиться с полным архивом публикаций в формате PDF за предыдущие годы.

Перейти к архиву

Издательские услуги

Научно-издательский центр «Социосфера» приглашает к сотрудничеству всех желающих подготовить и издать книги и брошюры любого вида

Издать книгу

Издательские услуги

СРОЧНОЕ ИЗДАНИЕ МОНОГРАФИЙ И ДРУГИХ КНИГ ОТ 1 ЭКЗЕМПЛЯРА

Расcчитать примерную стоимость

Издательские услуги

Издать книгу - несложно!

Издать книгу в Чехии