Каталог статей из сборников научных конференций и научных журналов- Миллий ўзликни англашда аждодларимиз меросининг аҳамияти

Миллий ўзликни англашда аждодларимиз меросининг аҳамияти

Н. Р. Машарипова Таянч докторант (PhD)

Т. Н. Кори-Ниёзий номидаги

Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти,

Тошкент, Ўзбекистон

 

Буюк аждодларимиз сиймоси ва авлодларга мерос қолдирган қимматли асарлари миллий ўзлигимизнинг беназир манбаидир. X–XVI асрларда яшаб ижод этган буюк алломаларимиз Имом Ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Беруний, Фаробий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз ҳаёти, фаолияти ва авлодларга қолдирган маънавий мероси халқимиз тарихи, маънавияти, маданияти ва илм-у фан тарққиётига улкан ҳисса қўшган. Айниқса, аждодларимиз томонидан яратилган “Пандномалар” инсониятнинг маънавий-ахлоқий дунёқараши, чин инсоний фазилатлари шаклланишида муҳим тарбия восита бўлиб хизмат қилади. “Қутадғу-билиг”, “Муҳаббатнома”, “Девони луғоти турк”, “Калила ва Димна”, “Қобуснома”, “Гулистон”, “Зарбулмасал”, “Ал-Жомеъ ас-сахих”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Зубдатул хақойиқ”, “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби аждодларимиз тафаккурининг маҳсули бўлган мумтоз асарлар ахлоқий тарбия воситаси сифатида кўп асрлардан буён инсониятни маънавий-ахлоқий жиҳатдан юксалтиришга, ўзлигини англашга хизмат қилиб келмоқда.

Инсон қалбидаги ўзлик тушунчаси аслида инсоний фазилатлар воситасида шаклланади. Ватанни севмоқ, миллатини ва халқини ардоқламоқ, яқин кишиларига, оиласига меҳр-муҳаббатли бўлиш, миллийлиги, урф-одатлари, қадриятларини ҳурмат қилиш каби тушунчалар инсон ўзлигининг устунлари ҳисобланади. Ҳар бир халқнинг ўзига яраша турли хил бир-бирига ўхшамаган урф-одат, қадрият ва қарашлари ҳамда эътиқоди мавжуд. Шу билан бир қаторда инсонни севиш, ҳурмат қилиш, асраб-авайлаш, меҳр-шавқат кўрсатиш каби инсоний қарашлар бутун инсоният ўзлигининг негизи бўлиб, бутун инсониятга тааллуқлидир. Инсон ўзлигини қанчалик чуқур англаса шунчалик комиллик сари интилади. Буюк аллома Азизиддин Насафий “Инсони комил” номли рисоласида комил инсонга қуйидагича таъриф беради: “Билгилки, комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳақиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолотга етган бўлсин: яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф”. Бундай сифатларга эга инсон ҳамма вақт эзгу ният билан яшаб, Ватан тинчлиги, ободлиги, халқнинг фаравонлиги ва инсоният тинчлиги учун хизмат қилади. Навоий ижоди ва тасаввуф илмининг билимдони, атоқли олим, профессор Нажмиддин Комилов таъбири билан айтганда “Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи Мутлоқ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сурату-сийрати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим покиза зот.” [1]

Аждоларимиз томонидан улуғланган яна бир инсоний фазилатлардан бири инсонларнинг бир-бирига меҳр-муравватли, самимий муносабат кўрсатиши, бағрикенглик яъни толерантлик сифатларига эга бўлишидир. Толерантлик “Инсон – энг олий қадрият” деган ғояда ўзиниг асл аксини топади. Буюк аждодларимизнинг дурдона асарлари, ота-боболаримиздан қолган ўзбекона тарбия анаъаналари ҳам инсонларни бир-бирига нисбатан шавқатли, бағрикенг, саховатли ва мурувватли бўлишга ундайди. Буюк мутаффаккир Алишер Навоийнинг умри сўнгида ёзилган “Маҳбуб ул-қулуб” асари толерантлик яъни чин инсоний бағрикенгликни тарннум этувчи манба десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам “Маҳбуб ул-қулуб” (“Қалбларнинг севгани”) бутун инсоният мулкига айланган. Навоий саховат хусусида тўхталар экан – “Зарур вақтда берилган эски чопон ва бўз тўн – саховат, бемаҳал ҳадя қилинган зарбоф чапон – ярамасликдир. Овқатим увол бўлмасин десанг едир, либосим эскирмасин десанг кийдир” [2] дея уқтиради. Хусусан ушбу танбиҳ мисолида, айни зарур пайтда қилинган саховат, инсонийлик ва бағрикенгликнинг юксак намунаси сифатида Иккинчи жахон уруши йилларида турли миллатга мансуб қаровсиз қолган 15та болани бағрига олган тошкентлик темирчи Шоахмад Шомахмудов ва унинг рафиқаси Бахри аянинг буюк инсонийлик жасорати бутун ўзбек халқининг ўзлигини номоён этади. Кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган темирчи Шомахмудовлар инсонпарварлигини акс эттириган “Сен етим эмассан” фильми сўнгида тасвирланганидек, немис миллатига мансуб болани ҳам фарзанди сифатида қабул қилиб, инсоннинг инсонга айниқса болаларга мурувватли бўлиш лозимлиги борасида бутун инсониятга ибрат кўрсатдилар. Зероки, “Боланинг бегонаси бўлмайди” ҳикмати толерантликнинг яна бир сифатидир. Ислом динининг муқаддас китоби “Қуръони Карим”да ва муқаддас Ҳадисларда ҳам аввало болаларга шавқатли ва мурувватли бўлиш, уларни севиш кераклиги айтилади. Имом Ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-сахих” ҳадислар тўпламида келтирилишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳу ва саллам ўнта боласи бўлсада, улардан бирортасини ҳам ўпмаган, эркалаб меҳр кўрсатмаган кишига “Ким меҳрибонлик қилмас экан, меҳрибонлик кўрмайди!” [3] деб айтган эканлар. Ҳазрат Навоий одамийликни, инсонпарварлик ва бағрикенгликни хар нарсадан юқори қўйиб, инсонларни бир-бирга нисбатан меҳр-мурувватли, кабағал ва мушкул аҳволда қолган кишиларга рахмдил ва шавқатли бўлишга, солиҳ амалларни бажариш ва ҳайр-у эҳсон қилишга, халқ ғамида бўлишга чорлайди. Аввало, инсон бўлиш юксак мақом эканлигин таъкидлайди:

Манга не ёру, не ошиқ ҳавасдур,

Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур [4].

Навоийнинг ўзи ҳам мурувватли ва саховатпеша инсон бўлиб, кўмакка муҳтож инсонларга, болалар ва ёшларга, илм аҳлига ҳам маънавий ҳам моддий раҳнамолик қилган. Тарихий манбалардан маълумки Навоий давлат арбоби сифатида кўпгина уруш ва сулола вакиллари ўртасидаги келишмовчиликларнинг олдини олиб, тинчлик элчиси бўлган. Мурувват хусусида Навоий шундай дейди:

Мурувват борча бермакдур, емак йўқ,

Футувват борча қилмакдур, демак йўқ [5]. Яъниким яхшиликларнинг энг аълоси айтилмай, ошкор этилмай қилинганидир.

Иккинчи жахон уруши йиллари ва урушдан сўнги қаҳатчилик йилларида азим Тошкент “Нон шаҳри” дея аталиб, кўп миллат вакилларини бағрига олган, меҳр-мурувват, бағрикенглик тимсолида ўзбек халқининг ўзлигини номоён этган. Бугунги кунда ҳам нурли пойтахтимиз Тошкентда 130дан ортиқ миллат вакиллари тотувликда истиқомат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Давлатимизнинг бир қанча қонунлари асосида бошқа миллат вакилларининг ҳақ ва ҳуқуқлари тўла кафолатланган. “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар” [6].

Инсоният учун миллий ўзликни англаш, маънавий-ахлоқий дунёқарашни шакллантиришнинг моҳияти шундаки, унинг тарғиботчилари бўлган аждодларимиз турли даврларда яшаганликларига қарамасдан инсонийликни улуғлаш, эзгуликни мадҳ этиш, ёвузликни қоралашга эътибор қаратганлар. Шунинг учун ҳам аждоларимиз мероси неча асрларки ўз қимматини йўқотмай инсоният тараққиёти учун мислсиз хизмат қилиб келмоқда.

Библиографик рўйхат

1.    Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. 1-китоб. – Т.: “Фан”, Б.143

2.    Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб. Т.,1983, Б 62

3.    Имом Ал-Бухорий. “Ал-Жомеъ ас-сахих”. Адаб китоби. 18-боб.

4.    Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. МАТ. Т.8. Тошкент: Фан, 1991. Б 283.

5.    Алишер Навоий. Хазойин ул-маоний. Фавойид ул-кибар. Асарлар. Т. 4. Тошкент, 1965. –Б. 447.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 18-модда.

Полный архив сборников научных конференций и журналов.

Уважаемые авторы! Кроме избранных статей в разделе "Избранные публикации" Вы можете ознакомиться с полным архивом публикаций в формате PDF за предыдущие годы.

Перейти к архиву

Издательские услуги

Научно-издательский центр «Социосфера» приглашает к сотрудничеству всех желающих подготовить и издать книги и брошюры любого вида

Издать книгу

Издательские услуги

СРОЧНОЕ ИЗДАНИЕ МОНОГРАФИЙ И ДРУГИХ КНИГ ОТ 1 ЭКЗЕМПЛЯРА

Расcчитать примерную стоимость

Издательские услуги

Издать книгу - несложно!

Издать книгу в Чехии